Янги лойиҳа асосида барпо этилган бинода фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Когон тумани кенгаши, “Аёллар ижтимоий мослашув маркази”, шунингдек, яқинда Республикада намунали таянч пункти деб топилган ҳамда “Nexia 3” русумли автомобиль билан тақдирланган замонавий ички ишлар таянч пункти ҳам фаолият юритмоқда.
2 турдаги яъни, нашрий ва электрон кутубхона аҳоли, айниқса ёшлар учун маърифат масканига айланиб улгурган. Электрон кутубхона Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси электрон базасига уланган. Мавжуд 2 та сунъий қопламали майдон ҳамда тренажерлар залида маҳалла болалари ва ўсмирлар бўш вақтини мазмунли ўтказишмоқда.
Ташриф чоғида бугунги кунда Бухоро вилоятида 35 мингдан зиёд аёллар иш билан таъминланмагани, хотин-қизлар жиноятчилиги сақланиб қолаётгани кўрсатиб ўтилди. Президент бу ҳолат миллий менталитетимизга ётлиги, буюк тарих ва юксак салоҳиятга эга бўлган Бухорога мутлақо ярашмаслигини таъкидлади.
— Жорий йил охиригача аёлларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал қилиш, иш билан таъминлаш, жиноятчилик содир этмаслиги учун зарур чораларни кўриб, Бухоро вилоятини хотин-қизлар билан боғлиқ барча масалалар бўйича энг намунали ҳудудга айлантиришимиз керак, — деди Шавкат Мирзиёев.
Бунинг учун Хотин-қизлар қўмитаси, «Оила» илмий-амалий маркази, маҳалла ва ички ишлар органлари биргаликда ишлаши, ҳар бир аёл билан суҳбатлашиб, муаммолари бўлса, керакли ёрдам бериши зарурлигини таъкидлади.
Кўплаб муаммоларга, аёлнинг жиноятга қўл уришига ажримлар сабаб бўлаётгани, унинг олдини олиш учун ёшларнинг, ота-оналарнинг масъулиятини ошириш, бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш кераклиги қайд этилди.

Добавить комментарий