Ўзбек халқи таълим ва тарбияни биргаликда олиб боришни мақбул йўл деб ҳисоблайди. “Бир болага етти қўшни ота-она” дейилиши ҳам бежиз эмас, албатта.
Улуғ алломаларимиздан бири бу Абдулла Авлоний “Тарбия биз учун ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидир”, дея таъкидлаганида ҳам айни ҳақиқатни сўзлаган эди.
Ҳақиқатдан ҳам бугун бола тарбиясидаги кичик эътиборсизлик, келажакда бола учун ҳам, жамият учун катта кўнгилсизликларга сабаб бўлиши мумкин. Шу муносабат билан юртимизда ёшлар, уларнинг камолоти, орзу-истакларининг рўёби йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларни санаб саноғига етиш мушкул. Айниқса, бу борада бугунги кунда Юртбошимиз ташаббуслари билан илгари сурилаётган маънавий-маърифий соҳаларга оид “Бешта ташаббус” янги саҳифани очиб берди.
Бироқ яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиб, буюк келажак сари одимлаётган, юртимиз номини дунёга танитаётган ёшлар билан бир қаторда, вақтини бесамар сарфлаётган, “тўқликка шўхлик” қилаётган ёшларнинг ҳам борлиги киши таъбини хира қилади.
Айни шундай ёшлар билан ишлашни янги босқичга кўтариш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишларини таъминлаш, жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаоллигини ошириш мақсадида корхона, ташкилот ва муассасалар томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Бухоро вилояти Кенгаши, вилоят Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида қўл урилган эзгу ташаббус ҳам худди шундай ишларнинг узвий давомидир.
Юқоридаги ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида жойлашган Махсус енгил саноат ва касб-ҳунар коллежида тарбияланаётган, Бухоро вилоятида яшовчи вояга етмаган қизлар билан коллежнинг ўзида учрашув ташкил этилди. Учрашув давомида ишчи гуруҳ вакиллари уларнинг ҳар бири билан суҳбатлашиб, келгусидаги орзу-истаклари билан қизиқишди.
Ишчи гуруҳ вакиллари томонидан мазкур ташрифдан олдин вояга етмаган қизларнинг оилалар билан суҳбатлашиб, уларнинг яшаш шароити, оилавий муҳитининг ўрганилганлиги ўқувчи-қизларни тушунишда ва улар тўғрисида хулоса чиқаришда муҳим аҳамият касб этди.
Ишчи гуруҳ ташрифи муносабати билан муассасада маданий тадбир ташкил этилган бўлиб, унда Бухоро вилояти тарбияланувчилари ҳам фаол қатнашди.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, бу каби махсус коллеж Республикада ягона бўлиб, таъминлаш, тарбиялаш ва таълим бериш учун алоҳида шароитларга муҳтож, назоратсиз ва қаровсиз қолган вояга етмаган қиз болалар ички ишлар органларининг бу ҳақидаги асослантирилган ҳужжатларига мувофиқ, суднинг қарорига асосан мазкур коллежга жойлаштирилади. Ёпиқ турдаги бу коллежда ўқувчи-қизлар 18 ёшга тўлгунга қадар тарбияланади.
Учрашув давомида коллежда таҳсил олаётган нафақат Бухоронинг ёшлари, балки коллеждаги барча тарбияланувчиларининг ҳаётга бўлган интилиши янада мустаҳкамланди, руҳияти кўтарилиб, келажакка умид уйғонди десак, муболаға бўлмайди. Айниқса, тарбиясида ўзгариш кузатилган 4 нафар вояга етмаган ёшлар уйларига қайтишлари учун муддатидан олдин комиссияга қўйилди. Албатта бу ҳам, бошқа тарбияланувчиларга ижобий таъсир кўрсатиши, шубҳасиз.

Добавить комментарий