Когон шаҳрида яшаган Байрам Ҳодиев (исм шарифлар ўзгартирилган) муқаддам 6 маротаба фирибгарлик жинояти содир этгани учун судланган. Жумладан, охирги маротаба 2016 йил 04 октябрда фирибгарлик учун 4 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, 2018 йил 16 май куни ўталмай қолган жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган эди. Шундай бўлсада, қонуннинг кечиримлилик тамойилидан хулоса чиқармади. Меҳнат қилмасдан, алдов ва фирибгарлик орқасидан текин бойлик орттиришга ўрганган кўнгли уни яна жиноятга ундади.
Б.Ҳодиев 2018 йил июнь ойидан август ойига қадар бўлган вақт оралиғида фуқаро Насиба Зохидованинг ишончига кириб, ўзини ДХХ да юқори лавозимда ишлаб келаётганлигини айтиб алдаб, Бухоро тумани ҳудудида намунавий лойиҳа асосида қурилаётган уй-жойлардан олиб беришни ваъда қилиб, ундан уй олиб бериш учун жуда кўп миқдордаги 18.000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.
Иш ҳолатларига кўра, жабрланувчи бу пулларни умр бўйи ўзи ва акаси билан бирга уй сотиб олиш мақсадида жамлаб келган.
Катта миқдорда пулни қўлга киритган Б.Ҳодиевнинг нафси ҳакалак отиб улгурган эди, текин пул топиш фикри унга тинчлик бермади. Жиноий ҳаракатларини давом эттириб, ноқонуний бойлик орттириш мақсадида фуқаро Дилшод Фозиловнинг ишончига кириб, уни пора эвазига Давлат хавфсизлик хизмати органларига ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, пора беришга далолат қилган ҳолда пул маблағларини қўлга киритишни режалаштирган.
Лекин, Б.Ҳодиевнинг бу галги фирибгарлиги охирига етмади. Б.Ҳодиев 2018 йил 27 ноябрь куни соат 17:30 ларда Когон шаҳридаги “Ўзтемирйўл йўловчи” АЖнинг Бухоро филиалига қарашли автотураргоҳда фуқаро Д.Фозиловдан пора беришга далолат қилган ҳолда фирибгарлик йўли билан 15.000.000 сўм пулни олаётган вақтида ўтказилган тезкор тадбир давомида жиноят устида ашёвий далил билан қўлга олинади.
Жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар судининг 2019 йил 26 мартдаги ҳукми билан Б.Ҳодиевга Жиноят кодекси 25,168-модда 3-қисми “б” банди, 168-модда 4-қисми “а” банди ва 28,211-модда 2-қисми “а” банди билан жами 9 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
Шу билан бирга, судланувчи Б.Ҳодиевдан жабрланувчи Н.Зохидова фойдасига 151.019.460 сўм ундириш белгиланди.

Добавить комментарий