Барча соҳаларда бўлгани каби ички ишлар органларида ўтказилаётган ислоҳотлар жараёнида ходимларнинг касбий тайёргарлигини юксалтириш, билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, қайта ўқитиш, малакасини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 августдаги ПҚ-3919-сонли қарорига асосан Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти ташкил этилган эди.
Ўз навбатида, Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 24 декабрдаги ПҚ-4075-сонли қарори билан жойлардаги ИИВ Академик лицейлари таркибида ушбу институтнинг филиаллари ўз фаолиятини бошлади. Бугунги кунда институтнинг жойлардаги филиалларида ўқув жараёнлари қизғин олиб борилмоқда.
ИИВ Бухоро Академик лицейида фаолият олиб бораётган ушбу институт филиалининг фаолияти ҳам таҳсинга сазовор. Шу кунга қадар ходимлар хизматдан ажратилмаган ҳолда 5 та босқичда ўқитилди.
Айни кунларда Бухорода бўлиб турган Ички ишлар вазирининг ўринбосари полковник Р.А.Хатамов янги ўқув мажмуасининг очилиш маросимида қатнашар экан, бугунги кунда ички ишлар органлари ходимларига яратиб берилаётган шарт-шароитларни қадрига етиб, Ҳуқуматимиз, қолаверса она халқимиз томонидан билдирилаётган юксак ишонч ва эътиборни оқлаш учун сидқидилдан хизмат қилиш лозимлиги ҳақида тўҳталди.
Тадбир давомида полковник Р.А.Хатамов Академик лицей талабалари учун яратилган бошқа шарт-шароитлар ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ички ишлар органлари фаолиятини акс эттирувчи ўқув амалиёти хоналарининг ишлаш тартиби билан билан ҳам танишди.
Қайд этиш лозим, ўқув хоналари ахборот коммуникация ва замонавий мебель жиҳозлари билан таъминланган бўлиб, 3 та умумий ўқув хонаси, электрон ўқ отиш, маънавият ва маърифат, видеоконференция, ходимларнинг касбий ва хизмат тайёргарлигини ошириш бўйича махсус таъминланган хоналардан иборат. Хоналарда соҳага оид фармон ва қарорлардан кўчирмалар, ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ кўргазмали стендлар мавжуд.
Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, эндиликда ўқув жараёнларига Академик лицейнинг тажрибали ўқитувчилари (улар таркибида ички ишлар органларидан нафақага чиққан ходимлар ҳам мавжуд) ҳамда вилоят ИИБ соҳавий хизмат ходимлари билан бир қаторда прокуратура органларининг малакали ходимлари ҳам жалб қилиниб, таҳсил олувчиларга дарс бермоқда. Келгусида Малака ошириш институти филиалида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасида самарали ҳамкорлик ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида прокуратура органларининг тажрибали ходимлари кўмагида мазкур соҳанинг ҳам ёш ходимларининг малакасини ошириш режалаштирилган.
Ўқув жараёнларида ходимларга соҳага оид сўнги фармон ва қарорларнинг мазмун моҳияти, вазирликнинг буйруқ талаблари, хизмат жараёнида амал қилиш лозим бўлган тартиб қоидалар ҳақида керакли билимлар берилмоқда. Ҳозирги ўқув йиғинида 100 нафар ходимлар таҳсил олмоқда.
Бундай замонавий ўқув хоналарининг фойдаланишга топширилиши албатта ходимларнинг малакасини оширишни сифатли ташкил этиш, ўз навбатида улар томонидан олинган билимларни амалиётга тадбиқ этишда ўз самарасини беради.

Добавить комментарий