2019 йил 4 июнь куни Бухоро шаҳар 2-сон ИИБга Ромитан туман Деча МФЙда яшовчи, фуқаро Ҳ.Ф. ариза орқали мурожаат қилиб, номаълум шахслар 2019 йил 3 июнь куни соат 13:30 ларда Бухоро шаҳридаги “Чашмаи Аюб” мақбараси (Марказий деҳқон бозори) орқа томонида қолдирилган, Нексия русумли, 80 J 410 МA давлат рақам белгили автомашинасининг эшик ойнаси тўлиқ ёпилмаганлигидан фойдаланиб, қўллари билан тушириб, орқа ўриндиқда турган аёллар сумкаси ичидан фуқаро Ш.Б.га тегишли баҳоси 1.700.000 сўмлик “Самсунг J-4” русумли уяли телефон аппарати ҳамда машина “бардачоги”дан 2000 Россия рубли ва ҳар хил купюрадаги жами 170.000 сўм миқдоридаги нақд пулларини ўғрилаб кетганлигини маълум қилган.
Шунингдек шу куни тахминан соат 11:30 ларда номаълум шахслар Бухоро шаҳар Намозгоҳ кўчасида жойлашган “Рамзес” кафеси олдида қолдирилган фуқаро Б.М.га тегишли “Дамас” русумли 80 V 443 МA давлат рақам белгили автомашинанинг эшиги қулфланмаганлигидан фойдаланиб, ўриндиқлар ўртасида турган баҳоси 50.000 сўмлик эркаклар барсеткаси ҳамда 45.000 сўм миқдоридаги нақд пулларини яширин равишда ўғирлаб, кетганликлари ҳақида ИИБга хабар келиб тушган.
Ушбу жиноятни фош этиш борасида ходимлар томонидан олиб борилган тезкор суриштирув ишлари давомида ҳодиса жойи муфассал кўздан кечирилиб, гумондорларнинг бармоқ излари олинган.
Вилоят ИИБда мавжуд бармоқ излари махсус базасидан текширилганда ушбу жиноятни Бухоро шаҳар Муборак кўчасида яшовчи, 1976 йилда туғилган фуқаро А.Б. ўзининг жиноий шериги Бухоро шаҳар Тагманбафон кўчасида яшовчи, 1986 йилда туғилган фуқаро Р.А. билан ўзаро олдиндан жиноий тил бириктириб содир қилганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Добавить комментарий