Давлат, жамият, умуман олганда халқимиз ҳаёти билан боғлиқ бирор бир ижтимоий-иқтисодий, маданий маърифий тадбирлар йўқки унда ички ишлар органлари иштирок этмасалар. Инсонпарварлик, адолатпешалик бугун тизим ходимлари фаолиятида ўз ифодасини топмоқда.
Вилоят қон қуйиш станциясида 14 июнь – Халқаро донорлар куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда ички ишлар органлари ходимлари ҳам беғараз донорликни амалга оширдилар.
Таъкидлаш лозим, Ички ишлар органлари ходимлари турли фавқулодда вазиятларда фуқароларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш кўникмаларига эга бўлиб, қонни тўхтатиш, шикастланган жойни боғлаш каби муҳим билимларни ўзлаштирганлар.
Донорлик – беморларга ёрдам беришнинг, инсонларга яхшилик қилишнинг энг оддий усулларидан бири. Ҳар куни минглаб инсонлар донор қонига муҳтож бўлади. Афсуски, қонни сунъий тарзда ишлаб чиқишнинг имкони йўқ. Унинг ягона манбаи беғараз донорлар яъни қон берувчилардир. Донор қони, айниқса, фавқулодда вазиятларда, режали жарроҳлик амалиётларида қўл келади. 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган 55 килодан ошиқ вазнга эга Ўзбекистон фуқаролари донор бўлиши мумкин. Бунинг учун аёлларда гемоглабин даражаси 120, эркакларда эса 130 дан юқори бўлиши керак. Ана шу талабларга жавоб берадиган соғлом аёллар ҳар уч ойда, эркаклар икки ойда бир марта донорлик қилишлари мумкин. Энг асосийси бунинг учун кишида хохиш бўлса бўлгани.
Қон қуйиб инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш ва аҳолининг қонга бўлган эҳтиёжини қоплаш, фавқулодда ҳолатларга тайёр туриш, давлат қон захирасини бойитиш, инсонларни доимий беғараз донорликка жалб этиш, ёшларни раҳмдиллик ва инсонийлик руҳида тарбиялаш муҳим аҳамият касб этади.
Донорлар орасида эркаклар аёлларга нисбатан кўпчиликни ташкил қилади.
Тадбир якунида фаол донорларга совғалар топширилди. Бу каби савобли ишларни имконияти бор барча фуқароларимиз ҳам амалга оширишлари мумкин. Шундай экан барчани арзимасдек туюлган бундай хайрли ишга чорлаб қоламиз

Добавить комментарий