Аҳоли муаммоларини ўрганиш, уларнинг дарду ташвиши билан яшаш, халққа янада яқинлашиш, давлатдан рози бўлиб яшашларига эришиш — бугун барча давлат органлари олдига қўйилган энг асосий ва долзаб вазифалар эканлиги шубҳасиз. Жумладан, Ички ишлар органлари ходимлари томонидан ҳам ўтган давр мобайнида фуқароларнинг мурожаатларини тезкорлик билан ҳал этиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида ҳам қатор ижобий ишлар амалга оширилди.

Вилоят ички ишлар бошқармаси соҳавий хизматлар ходимларидан иборат ишчи гуруҳ аҳоли муаммоларини ўрганиш, уларни бартараф этиш юзасидан тегишли чораларни кўриш, шу билан бирга, яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрами тантаналари олдидан корхона ва ташкилотлар бинолари, фуқаролар хонадонларида профилактик тушунтириш ва огоҳлантириш тадбирларини ўтказиш мақсадида кўчма сайёр автобусда вилоятнинг нисбатан узоқ бўлган Олот туманида бўлишди.
Туман ички ишлар бўлими секторига қарашли “Обод қишлоқ” дастури асосида қурилиш таъмирлаш ишлари олиб борилаётган “Сайинқоровул” маҳалла фуқаролар йиғинида ходимлар томонидан хонадонма-хонадон юрилиб аҳолининг муаммолари тингланди. Ижтимой масалаларда қилинган мурожаатлар бўйича зудлик билан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ечимини топиш чоралари кўрилди. Жумладан, ишга жойлашиш, газ балон билан таъминлаш ва моддий ёрдам олиш бўйича мурожаатлар маҳаллий ташкилотлар томонидан ижобий ҳал қилинди.
Таъкидлаш лозимки, Олот тумани вилоят марказидан 70 км узоқликда бўлса, Сойинқоровул аҳоли пунки туман марказидан 15-20 км узоқликда жойлашган. Шу сабабли Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизмати ходимлари томонидан ҳаракати чекланган, ногирон ва кекса ёшдаги фуқаролик паспорти олувчиларнинг хонадонларига борилиб, биопаспорт мобиль қурилмаси ёрдамида суратга туширилди. Шунингдек, уйма-уй юриш асносида ўтказилган паспорт-виза текширувлари давомида эски намунадаги (нобиометрик) фуқаролик паспортларини биометрик паспортга алмаштирмасдан келаётган фуқароларга 2019 йилнинг 31 декабрига қадар паспортларини янги биометрик паспортга алмаштиришлари лозимлиги тўғрисида тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилди.
Бу каби тадбирлар вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам ўтказилиши режалаштирилган.

Добавить комментарий