Ўзбекистон Республикаси ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи, полковник Б.У.Шариксиев жавоб беради: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 223-моддаси 1-қисмида паспорти шарт бўлган фуқаронинг паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан, вақтинча ёки доимий пропискасиз яшаши, паспортни қасддан яроқсизлантириши, шунингдек паспортни бепарволик билан сақлаши ва бунинг оқибатида паспортни йўқолиши-энг кам иш ҳақининг ярим бараваридан уч бараваригача миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган. 

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари, подполковник А.А.Алламурадов жавоб беради: Корхона, муассасалар, ташкилотларнинг қатъий ҳисобидаги ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, шунингдек автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, худди шунингдек уларни нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш, уларни яшириш ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда содир этилганлиги ҳолати бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 5-бўлим 15-бобининг  227-моддасини 1-қисмида жавобгарлик белгиланган. Мазкур модданинг 1-қисмида юқорида кўрсатиб ўтилган жиноятни содир этганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан боғлиқ жазо турлари қўлланилиши кўрсатиб ўтилган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ташкилий-инспекторлик ва ахборот-таҳлил бош бошқармаси бошлиғи, полковник  Ш.И.Норгитов  жавоб беради: Ҳозирги кунда вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар сони умумий жиноятлар миқдорининг 1,9 % ни ташкил этади. Вояга етмаганлар томонидан жиноят содир этилишига уларнинг ҳаёт тарзи, ёшга хос бўлган ўзгарувчан руҳий ҳолат ва сержаҳллик, оилада мавжуд муаммолар, “муаммоли” катталарнинг салбий таъсири сабаб бўлади. 2017 йилнинг 11 ойи давомида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан вояга етмаган шахслар томонидан содир этилган жиноятлар 11 фоизга, жиноят содир этган академик лицей ва коллеж ўқувчилари сони эса 21 фоизга камайган.